Tobradrop

ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
ТОБРАДРОП
TOBRADROP

Препаратнинг савдо номи: Тобрадроп
Таъсир этувчи модда (ҲПН): тобрамицин
Дори шакли: кўз томчилари 0,3%
Таркиби:
1 мл препарат қуйидагиларни сақлайди:
Фаол модда: тобрамицин – 3,00 мг;
Ёрдамчи моддалар: бензалконий хлориди, борат кислотаси, сувсиз натрий сульфати, натрий хлориди, тилоксапол, хлорид кислотаси ёки натрий гидроксиди, инъекция учун сув.
Таърифи: рангсиздан оч сариқ ранггача бўлган тиниқ суюқлик.
Фармакотерапевтик гуруҳи: антибиотик (аминогликозидлар гуруҳи).
АТХ коди: S01АА12

Фармакологик ҳусусиятлари
Аминогликозидлар гуруҳига мансуб бўлган кенг таъсир доирали антибиотик. Кичик концентрацияларда бактериостатик (рибосомаларнинг 30S-суббирликларини блоклайди ва оқсиллар синтезини бузади), юқори дозаларда эса – бактерицид таъсир кўрсатади.
Staphylococcus spp. (шу жумладан, Staphylococcus aureus, Staphylococcus epidermidis / коагулаза-манфий ва коагулаза-мусбат / шунингдек пенициллинга чидамли штаммлари); Streptococcus spp. (шу жумладан, а-b-гемолитик турлари, баъзи гемолитик бўлмаган турлари, Streptococcus pneumonia) Pseudomonas aeruginosa Escherichia coli, Klebsiella pneumoniae, Serratia spp., Providencia spp., Shigella spp., Citrobacter spp., Enterobacter aerogenes, Proteus mirabilis (индол-манфий) ва Proteus spp. ни индол-мусбат турлар, Hemophilius influenzae, Hemophilius aegyptius, Moraxella lacunata, Acinetobacter calcoaceticus (Herellea vaginacola), Neisseria spp. айрим турларига (шу жумладан Neisseria gonorrhoeae) ларга нисбатан юқори фаолликка эга.

Фармакокинетикаси
Маҳаллий қўлланганида тизимли абсорбцияси паст.

Қўлланилиши
Кўзни тобрамицинга сезгир қўзғатувчилар чақирган юзаки бактериал инфекцияларини даволаш учун қўлланади:
• блефарит, конъюнктивит, кератоконъюнктивит, блефароконъюнктивит, кератит, эндофтальмит, дакриоцистит, мейбомит;
• офтальмологияда жарроҳлик операцияларидан кейинги инфекцион асоратларни олдини олиш учун қўлланади;
• кўз инфекцияларида мажмуавий даволаш таркибида.

Қўллаш усули ва дозалари
Фақат маҳаллий қўллаш учун мўлжалланган.
Оғир бўлмаган инфекцион жараёнда препарат шикастланган кўз (ёки кўзлар) нинг конъюнктивасига 1-2 томчидан ҳар 4 соатда томизилади.
Оғир даражадаги ўткир инфекцион жараён ривожланганида препарат ҳар 30-60 минутда томизилади.
Яллиғланиш камайиши билан препаратни томизиш (инстилляция) частотаси ҳам камайтирилади

Ножўя таъсирлари
Аллергия, кўз ёшини кучли оқиши, конъюнктивал шиш, кўз оғриғи, кўзни таъсирланиши, кератит, кўришни хиралашиши бўлиши мумкин.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Тобрамицинга ёки бошқа аминогликозидларга, ёки препаратнинг бирон-бир бошқа компонентига юқори сезувчанликда қўллаш мумкин эмас.

Дориларнинг ўзаро таъсири
Препарат аминогликозидлар гуруҳига мансуб бўлган тизимли антибиотиклари билан бир вақтда буюрилганида, тизимли ножўя самаралар (нефротоксик, ототоксик таъсири, минераллар алмашинувини ва гемопоэзни бузилиши) кучайиши мумкин.

Махсус кўрсатмалар
Препаратни қўллаш вақтида контакт линзаларни тақиш тавсия этилмайди. Препаратга сезгир бўлмаган микроорганизмларни ривожланиш хавфи борлиги туфайли, узоқ вақт давомида қўллашдан сақланиш керак.
Ҳомиладорлик ва лактацияда қўлланиши
Кутилган терапевтик самара ножўя таъсирларни потенциал ривожланиш ҳавфидан устун бўлган ҳолдагина, препаратни ҳомиладор аёлларга ва эмизадиган оналарга қўллаш мумкин.
Педиатрияда қўлланиши
2 ойликкача бўлган болаларда препаратни қўллашни хавфсизлиги ва самарадорлиги ўрганилмаган.
Автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири
Препарат кўришни вақтинчалик бузилишини чақириши мумкин, шунинг учун препарат томизилганидан (инстилляция) сўнг автотранспортни ҳайдаш ва механизмларни бошқариш тавсия этилмайди.

Дозани ошириб юборилиши
Симптомлари: нуқтали кератит, эритема, кўз ёшини кўп оқиши, қовоқларни қичишиши ва шиши.
Даволаш: симптоматик даволаш ўтказилади.

Чиқарилиш шакли
0,3 % кўз томчилари, 5 ёки 10 мл дан ҳимоя халқаси билан таъминланган тиқин-томизгич ва бураладиган ҳимоя қалпоқчаси бўлган пластик флаконда. 1 флакон қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон пеналда.

Сақлаш шароити
Ёруғликдан ҳимояланган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин. Болалар ололмайдиган жойда сақлансин.
Флакон очилганидан кейин бир ой давомида ишлатилсин!

Яроқлилик муддати
2 йил. Яроқлилик муддати ўтгандан сўнг қўлланилмасин.

Дорихоналардан бериш тартиби
Шифокор рецепти бўйича берилади.